Hosted by uCoz


Qur`oni karim

ҚИЗ ТАРБИЯ ҚИЛИШНИНГ ФАЗЛИ ҲАҚИДА

 

 

Жоҳилият пайтида қизларнинг оталари тириклайн кўмар эдилар. Уларни ор номус келтиради деган гумон билан шу қабоҳатни қилар эдилар. Жоҳилият даврининг ижтимоий ҳаётдаги бузғунчиликларини, нопокликларини эслашга одам ҳатто уялади. Дунё бўйича аёлни одам ўрнида кўрмасдилар.

Оврупада аёлни шайтоннинг малайи, деб ҳисоблашарди. Ҳатто махсус бир катта мажлис ўтказиб, «Аёл одамми ёки одам эмасми?» деган саволга жавоб излашган. Охири, аёл-эркакка хизмат қилиш учун яратилган махлуқ, деган хулосага келишган. Аёлни кўриш, шайтонни кўришдек гуноҳ ҳисобланиб, унга яқин ҳам йўламай қўйишган. Натижада, маълум муддат Оврупада одам кўпаймай қолган.
Ҳиндистонда бундан ҳам баттар ҳол ҳукм сурган. Фақат бир мисолни эслаб ўтиш кифоя: улар эри ўлган хотинни тирик ҳолида эрига қўшиб куйдиришган.
Араблар қиз фарзанд кўришса, олиб бориб, тириклайин кўмишган. Аёл кишини ўлган эридан қолган мерос, мол-мулки қаторида тақсимлаб олишган. Ва ҳоказо.
Аллоҳ таолонинг охирги ва мукамал дини, қиёматгача боқий қолувчи дини, барча замонлар ва маконларда инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берувчи дини Ислом инсон ҳаётидаги бошқа нуқсонлар қотори бу нуқсонни ҳам илоҳий таълимотлар асосида тузатди. Аёл зотига ўз мақомини берди. Жумладан, қиз туққан, уни боққан, уни қарамоғига олган, тарбия қилиб вояга етказганларга дўхаздан қутилиш, жаннатдан жой олиш мукофотини эълон қилди. Умуман, аёл зотига унга мос ва хос бўлган барча ҳақларни берди. Уни улуғлади ва шарафлади.
Келаси ривоятларда ўша ҳақ ва шарафлашлардан яна баъзилари ҳақида сўз боради.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассалам:
«Бир кишининг иккита қизи бўлса, у иккисининг суҳбатини яхши қилса ёки иккисига яхши соҳиб бўлса, албатта, икковлари уни жаннатга киритади», дедилар».
Шарҳ: Албатта, қиз боқиш жуда нозик ва машаққатли меҳнатдир. Бу иш ўзига хос сабр ва матонатни талаб қилади. Зотан қиз бола вақти келиб келин бўлади. Уни келин қилганлар ҳузурида ҳурмат топиши ва қадрланиши олган тарбиясига қараб бўлади. Қиз бола вақти келиб она бўлади. Ўшандан у инсон тарбиячисига айланади. Унинг фарзандларининг қандай тарбия топиши ҳам ўзининг тарбиясига қараб бўлади.
Шунинг учун ҳам, икки қизни туғиб, боқиб, тарбиялаб яхши ахлоқ билан вояга етказиб, жамиятга қўшса, бандани жаннатга киришига сабаб бўладиган амаллардан бири бўлиши ваъда қилинмоқда. Қиз тарбия қилиш шу даражадаги фазийлатли амал эканини тушуниб етмоғимиз ва бу ишни ихлос билан адо этмоғимиз лозим.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «
Ҳузуримга бир аёл кирди. У билан иккита қизи ҳам бор эди. Менинг олдимда битта хурмодан бошқа ҳеч нарса топмади. Бас, уни аёлга тутдим. У олиб қизларига тақсимлаб берди. Ўзи ҳеч нарса емади. Кейин туриб, чиқиб кетди. Кейин Набий саллоллоҳу алайҳи вассалам ҳузуримга кирдилар. Мен У зотга хабарни айтдим. Бас, У зот: «Ким мана шу қизлар ила Аллоҳнинг синовига учраса, улар унинг учун дўзахдан парда бўлади», дедилар
».
Шарҳ: Демак қизларга бўлган иззат-эҳтиром, уларнинг нафақаси, қорнини тўйдириб, устини бут қилиш жуда катта савоб ҳамда охиратдаги буюк бир мақом, жаннатдан жой олиш, дўзахдан пардаланишга сабаб бўладиган ишлар экан.
Бу ҳадиси шарифда зикри келаётган аёл ўзида оналик меҳрини тўла-тўкис мужассам қилган аёллардан экан. Уч хурмони олиши билан қизларига бўлиб берибди. Ўзи оч-наҳор, егулик нарса тиланиш даражасига тушиб қолган. Шундай бўлса ҳам, ўзи емай қизларига тутмоқда. Бу аёлнинг амали жуда савобли ва катта мукофотга сазовор амал.
Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкура аёлнинг амалини тақдирлаб:
«Ким мана шу қизлар ила Аллоҳнинг синовига учраса, улар унинг учун дўзахдан парда бўлади», дедилар».
Бундан қизларни боқиш, нафақа билан таъминлаш ва тарбия қилиш ота-онанинг дўзахдан сақланишига сабаб бўладиган омиллардан бири экани чиқади.
Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассалам: «
Кимнинг учта синглиси ёки учта қизи ёки иккита синглиси бўлса, у уларнинг суҳбатини яхши қилса ва уларнинг ҳақида Аллоҳга тақво қилса, унга жаннат бўлади
», дедилар».
Шарҳ: қизларни ва сингилларни тарбиялаб вояга етказиш ва уларнинг ҳақида Аллоҳга тақво қилиб бориш қанчалик улуғ ва савобли иш экани, уларга шароит яратиб, одобли ахлоқли, иймон эътиқодли қилиб вояга етказиш жаннатга киришга сабаб бўладиган амаллардан бири эканини мана шундан билиб оламиз.
Албатта, бу ҳақиқатни мусулмон бандалар яхши англаб етишган ва доимий равишда бу ишга эътибор билан қараб келишгани маълум ва машҳур.
Ҳаётда нималар бўлмайди дейсиз. Гоҳида, опа-сингиллар ака-укаларнинг қарамоғида қолиши ҳам бор. Ота бор бўлса у масъул бўлар эди. Аммо ота йўқ. Бу отаси йўқ аёл зоти қаровсиз қолади дегани эмас. Ота бўлмаган чоғда ака ёки ука опа-сингилни қарамоғига олиши шариат ҳукми бўйича собит бўлади.
Бу опа-сингил ака-уканинг мурувватига муҳтож бўлиб қолади дегани эмас. Балки, бу опа-сингилга Аллоҳ таоло томонидан берилган ҳақдир. Ака-ука бу масъулиятдан қочиши мумкин эмас. Агар улар, номардлик қилиб, бу масъулиятдан қочадиган бўлсалар, жамият қонун кучини ишга солиб опа-сингилларнинг ҳақларини олиб беради.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Уч қизига яхшилик қилган одам жаннатга кириши.
2. Уч синглисига яхшилик қилган одам жаннатга кириши.
Уқба ибн Омир Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «
Кимнинг хузурида учта қиз бўлса ва у сабр қилиб уларга таом берса, ичимлик бериб сероб қилса ва янги янги кийим олиб берса, улар ўша одам учун дўзахдан парда бўладилар», дедилар».
Шарҳ: Қиз боқиш осон нарса эмас, буни ҳамма яхши билади. Бу ишни амалга ошириш учун сабр матонат керак, ҳаракат, ғайрат керак, топганини сарфлаш керак. Барибир шу қиз эртами, индинми бировнинг уйига кетиши борлигини, келин бўлиши борлигини билиб туради. Лекин ҳаммасига сабр қилиб, айниқса кўп қизли бўлганида бу ҳолат аниқ билинади.
Ана шуларни билиб туриб қизларни тарбия қилган одам ўзи учун охиратнинг катта бир мартабасини касб қилган бўлар экан.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллоллоҳу алайҳи вассалам: «
Ким икки қизни балоғатга етгунча боқиб катта қилса, мен билан бирга жаннатга мана бундай бўлиб киради», дедилар ва бош ҳамда ундан кейинги бармоқларини бирлаштириб кўрсатдилар».
Шарҳ: Қизларни боқиш, уларнинг тарбиясини гўзал қилиш қанчалик улуғ иш экани шундан маълум бўлади. Ота бўлдим, она бўлдим, менинг оталик хаққим бор, оналик хаққим бор деган гапларимиз кўпу лекин болаларнинг ҳам ҳаққи борлиги, уларни боқиш ва нафақаси беҳуда эмас, балки савоб иш эканини ва ибодатнинг нафл турларидан афзал, балки вожиб нарсалардан ҳисобланишини унутмаслигимиз керак.
Муҳаммад ибн Каъб Қаразий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «
Ким иккита қизга Аллоҳ фазли ила уларни кафолатига олгунга ёки уларни беҳожат қилгунга қадар савоб умидида нафақасини берса, ўша икки қиз унинг учун дўзахдан парда бўлади», дедилар».
Шарҳ: Бу ривоятда икки қизни нафақа билан таминлаш уларнинг отасидан бошқалар томонидан бўлса ҳам ажр-савоб ва дўзахдан парда бўлиш ваъда қилинмоқда.

ОПА-СИНГИЛНИ ТАРБИЯ ҚИЛИШНИНГ ФАЗЛИ

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким иккита қиз ёки опа-сингил ёхуд қариндошнинг Аллоҳ фазли ила уларнинг кафолатини ўзига олгунга ёки уларни беҳожат қилгунга қадар нафақасини савоб умидида қилса, улар ўша киши учун дўзахдан парда бўлади», дедилар».
Шарҳ: Бу ривоят ҳам аввалги ҳадиснинг деярли такрори экан. Фақат «ёки опа-сингил ёхуд қариндош» деган ибора зиёда қилинган экан.
Демак, бу ерда Исломнинг аёлларга меҳрибонлиги яққол кўриниб турибди. Ўша пайтларда ҳам, хусусан ҳозирда ҳам аёлларнинг ўз-ўзини турар-жой, кийим-кечак, озиқ-овқат билан таъминлаб кетиши анча қийиндир. Бу нарса аёлларнинг нозик табиатларига бироз қийинчилик туғдиради.
Шунинг учун уларга қараш эркакларга вазифа қилиб берилди. Мўмин-мусулмон киши савоб умидида, чин кўнгилдан қизларини парвариш қилса, таъминласа, кафил бўлса ва вояга етказса, Аллоҳ Таоло бу бандасига жаннатни ваъда қилар экан, бу қизлар (опа-сингиллар) ўша бандага дўзахдан парда бўлар экан.
Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: «
Бир кишининг учта қизи ёки синглиси бўлса, ёхуд иккита қизи ва синглиси бўлса, улар борасида Аллоҳдан қўрқиб, яхшилик қилса, албатта, у жаннатга киради», дедилар
».
Шарҳ: Қиз тарбия қилиш, сингил тарбия қилиш ва уларни вояга етказиш жуда нозик, машаққатли ва ортиқча диққатни ва назокатни талаб қиладиган иш. Сабр қилиб қиз болани боқиб, кийинтириб, одобини ахлоқини, тақвосини, ибодатини жойига қўйиб вояга етказиб қўйишлик жуда катта бир мақом экан.
Бир ривоятда учта қиз дейилмоқда, ёки иккита қизни, учта сингил, ёки иккита сингилни шу тарзда вояга етказиб, тарбиялаган инсон жаннат калитларидан биттасини қўлига олган бўлар экан. Бу жуда буюк мақом.
Шунинг учун қиз тарбиясида, айниқса сингил тарбиясида инсон ниҳоятда хушёр бўлиши ва мана шу ваъдадан умидвор бўлган ҳолда уларга миннат қилмасдан, озор бермасдан «Менинг жаннатга тушишимга шулар сабабчи бўлади» деган ният билан уларни тарбиялаб вояга етказиш ҳаракатида бўлиш керак.

 

 
 
 
 Суз боши

 

Оила форуми

 

 Манзилимиз

 

 

 

 

 

www.muslimaat.uz
 

 

www.islom.uz
 

 

Fatvolar arhivi
 

 

www.halol.uz
 

 

FORUM
 

 

www.hilol.com
 

 

www.islam.uz
 

 

 

 

 
 
 
 
 
 
Hosted by uCoz