Ҳамду санолар Аллоҳга ҳосдир. Биз унга ҳамд
айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, Унга истиғфор
айтамиз. Нафсларимизнинг ва амалларимизнинг
ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ кимни
ҳидоят қилса, уни адаштирувчи йўқ. Аллоҳ кимни
адаштирса, уни ҳидоят қилувчи бўлмас. Аллоҳдан
ўзга, илоҳ йўқ. У шериксиз якка-ю ёлғиз, деб
гувоҳлик бераман ва яна гувоҳлик бераманки,
Муҳаммад (с.а.в) Аллоҳнинг бандаси ва расулидир.
У зотга, оиласига, саҳобаларига ва Қиёматгача
уларга яхшилик билан эргашганларга Аллоҳнинг
раҳмати ва саломи бўлсин.
Аммо баъд. Қуръон суралари билан ва саҳиҳ
ҳадисларда келган дуолар билан даволанишда тўлиқ
шифо бор.
... Айтинг: "(Ушбу қуръон) иймон келтирган
зотлар учун ҳидоят ва (дилларидаги шак-шубҳани
кетказувчи) шифодир. (Фуссилат-44)
Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган қуръон
оятларини нозил қилурмиз. (Исро-82)
Эй инсонлар, сизларга Парвардигорингиз томонидан
панд-насиҳат, дилларингиздаги бузуқ
эътиқодлардан иборат нарсаларга шифо ва иймон
келтирган зотларга ҳидоят ва раҳмат (яъни,
қуръон) келди. (Юнус-57).
Қуръон жамики қалб ва аъзои-бадан касалликларига,
дунё ва охират касалликларига шифодир. Лекин ҳар
қандай киши ҳам Қуръон билан даволанишга
муваффақ бўлавермайди. Касал одам Қуръон билан
тўғри даволаниши учун қалбида сидқ, иймон,
қатъий эътиқод бўлиши керак. Шунда биронта
касаллик унга қарши туролмайди. Ахир қандай
қилиб касаллик еру-осмонларнинг парвардигори
каломига қарши тура олсин. Агар бу калом
тоғларга тушса, уларни парчалаб ташлайди. Ерга
тушса уни ёриб ташлайди. Ҳар бир қалб ва аъзои
бадан касалликларининг келиб чиқиш сабаблари,
уларни даволаш, ҳамда улардан сақланиш йўллари
Қуръонда баён қилинган. Фақат Қуръон тўғри
тушинилса бас. Аллоҳ Қуръонда қалб ва
аъзои-бадан касалликларини ва уларнинг даволаш
усулларини зикр қилган.
Қалб касаллиги 2 хилдир.
1. Шак шубҳа касаллиги.
2. Шаҳват ва залолат касаллиги.
Аллоҳ таъоло Ўз китобида қалб касаллиги, унинг
сабаблари ва давоси ҳақида муфассал баён қилган.
Ахир уларга тиловат қилинаётган шу Китобни Биз
сизга нозил қилганимиз улар учун етарли эмасми?!
Албатта бу (Китоб)да иймон келтирадиган қавм
учун раҳмат ва эслатма бордир. (Анкабут-51).
Имом Ибн Қаййим шундай дейди: “Қуръон шифо
бермаган кишига Аллоҳ шифо бермабти, Қуръон
кифоя қилмаган кишига Аллоҳ кифоя қилмабти”.
Аъзои бадан касаллигини даволаш усул ва
қоидаларига Қуръон ишора қилган. Қуръон бу
қоидаларни 3 қисмга тақсимлайди.
1. Соғлиқни сақлаш.
2. Зарарли нарсалардан сақланиш.
3. Зарарли, ортиқча моддалардан фориғ бўлиш.
Ким Қуръон билан тўғри даволанса ўзининг жуда
тез шифо топишини кўради. Имом Ибн Қаййим шундай
дейдилар: Маккада турган вақтимда касал бўлиб
қолдим. На табиб, на дори топа олдим. Шунда
Фотиҳа сурасини ўқиб, ўзимни ўзим даволай
бошладим тезда бунинг таъсирини кўрдим. Замзам
сувига Фотиҳа сурасини ўқиб, дам солиб ичар эдим.
Оз муддат ичида касалдан тўлиқ шифо топдим. Ҳар
хил касалликни даволашда шу услубни қўллаб
кўрдим. Натижа эса ажабтовур эди. Бу услубни
бошқа касалларга ҳам ўргатдим. Кўпчилиги
касалдан тузалганини кўрдим. Саҳиҳ ҳадисларда
келган дуолар билан дам солиб даволаш ҳам
фойдали даволардан ҳисобланади. Айниқса, ихлос
билан ўқилган дуо, зарарни даф қилишда, фойдани
ҳосил қилишда энг яҳши доридир. Чунки дуо бало
ва офатнинг душманидир. Уни қайтаради, муолажа
қилади, олдини олади ёки ҳеч бўлмаганда зарарини
енгиллатади.
Расулуллоҳ (с.а.в) айтадилар: "Дуо тушган ва
ҳали тушмаган (бало ва офатларни) қайтаради. Эй
Аллоҳнинг бандалари! Доимо дуода бўлинглар". (Термизий,
Ҳоким, Аҳмад). Яна бир ҳадисда шундай деганлар:
"(Ёмон) Қазои-қадарни дуо қайтаради. Яхшилик
умрни зиёда қилади". (Ҳоким, Термизий).
Шу ўринда муҳим бир жиҳатга эътибор бериш керак.
Беморга оят, зикр ва дуолар билан дам солинса
фойдали ва шифобаҳш бўлади. Лекин дуо қувватли
ва таъсирли бўлиши учун дам солувчи ихлос билан
дам солиши керак. Агар касалнинг шифо топиши
кечикса, дуохоннинг таъсири озлигидан ёки
дуонинг қабул бўлмаганидан, ёҳуд давога тўсиқ
бўлаётган биронта монеъдан деб билиш керак.
Чунки дам солиш орқали даволаш икки киши, яъни –
1) касал одам томонидан
2) муолажа қилувчи томонидан амалга ошади.
Касалдан эса руҳан кучли бўлиш, бутун вужуди
билан Аллоҳга юзланиш, Қуръон мўминлар учун шифо
ва раҳмат эканлигига, дуо тил ва қалбдан баробар
чиқсагина фойда бериши мумкинлигига ишониш талаб
қилинади. Бу ҳам жангнинг бир тури. Жангчи
душмани устидан ғалаба қозониш учун 2 нарсага
эга бўлиши керак: 1 қуроли ўткир бўлсин: 2
билагида қуввати бўлсин. Агар булардан биронтаси
бўлмаса жангчига ғалаба насиб қилмайди. Қалб
тавҳиддан, Аллоҳга таваккал қилишдан, тақво ва
сидқ(дил) дан ҳоли бўлса, бунинг устига қуроли
ҳам бўлмаса, у қандай жангчи бўлиши мумкин.
Муолажа қилувчи ҳам юқоридаги 2 сифатга эга
бўлиши керак. Шунинг учун Ибн Тийн айтадиларки:
"Дуо ҳамда Аллоҳнинг исмлари билан дам солиш
илоҳий даъводир. Агар солиҳ киши тарафидан
ўқилса, Аллоҳнинг изни билан шифо топилур.
Уламолар учта шарт билан дам солиб даволанишга
руҳсат беришган:
1. Аллоҳнинг каломи ёки Аллоҳнинг исм ва
сифатлари ёҳуд Расулуллоҳнинг (с.а.в) каломлари
билан дам солинсин.
2. Араб тилида ёки маъноси тушунарли бўлган
сўзлар билан дам солинсин.
3. Ўқилган дуолар ўзича фойда бермайди, балки
Аллоҳнинг изни билан таъсир қилади. Дуолар эса
фақатгина бир сабаб холос деб эътиқод қилинсин.
Мана шу мақсадда "зикр, дуо: Қуръон ва
суннатдаги дуолар билан даволаниш" деб номланган
китобимнинг дуо ва дам солиш қисмини кичик бир
китобчада жамлаб, баъзи қўшимчалар киритдим.
Аллоҳнинг гўзал исмлари ва олий сифатлари билан
сўрайманки, бу амалимни холис ўзининг ризолиги
учун қилсин, бу китобни аввало менга, қолаверса
ўқиганга ёки нашр қилиб тарқатганга ва жамики
мусулмонларга манфаатли қилсин. Набийимиз
Муҳаммад (с.а.в)га, оилаласига, саҳобаларига ва
Қиёматга қадар уларга яхшилик билан
эргашганларга Аллоҳнинг раҳмати ва баракаси
бўлсин.
Саид ибн Ваҳф ал-Қаҳтоний.
1. "Cеҳр"ни даволаш.
Сеҳирнинг давоси 2 хилдир
1. Сеҳр қилинишдан олдин ундан сақланиш. Қуйида
баъзиларини санаб ўтамиз:
1) Фарз амалларни вақтида бажариш, ҳаром
амаллардан ўзини тийиш ва гуноҳларига
тавба-тазарру қилиш.
2) Қуръони каримни кўп тиловат қилиш. Ҳатто ҳар
куни Қуръоннинг маълум қисмини ўқишни ўзига
вазифа қилиб олиш.
3) Доим дуо ва шаръий зикрларни ўқиб юриш.
Шулардан:
Бисмиллаҳил-лазий ла йазурру маъас-миҳи шай’ун
фил-арзи вала фис-самаи. Ва ҳувас-самийъул-ъалийм.
Маъноси: "Унинг исми зикр қилинганда на ердаги
ва на осмондаги бирор нарса зарар бера
олмайдиган Аллоҳнинг исми билан бошлайман. У
эшитувчи, билгувчи зотдир. (Тонгда ва кеч
кирганда 3 марта айтилади.) (Абу Довуд, Термизий,
Ибн Можа ва Аҳмад ривояти)
Фарз намозларидан кейин ва уйқу олдидан "Оятал-
курсийни"ўқиш. "Қул ҳуваллоҳу аҳад" "Фалақ" ва "Аннос"
сураларини эрталаб, кечқурун ва уйқудан олдин 3
мартадан ўқиш.
Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу,
лаҳул мулку ва лаҳул-хамду ва ҳува ъала кулли
шай’ин қодийр.
"Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ У яккаю-ёлғиз, Унинг
шериги йўқ. Мулк ҳам, ҳамду сано ҳам Унга хос ва
У ҳар бир нарсага қодир". (Ҳар куни 100 марта
айтилади). (Бухори ва Муслим ривояти).
Эрталаб ва кечқурун ўқиладиган дуоларни, ҳамда
намоздан кегин ва уйқудан олдин ўқиладиган
дуоларни доимо ўқиб юриш лозим. Уйга кирганда ва
чиқганда, улов минганда, масжидга кирганда ва
чиқганда, хожатхонага кирганда ва чиқганда,
мусибат етган кишини кўрганда, турли жой, вақт
ва холатларда ўқиладиган дуоларни ўқиб юриш сеҳр
ва кўз тегишни хамда жинларнинг зарарини
қайтарибгина қолмай, балки бу офат етгандан
кегин ҳам яхшигина муолажа ҳисобланади. (Зодул-маод
4-126).
4) Имконият бўлса эрталаб наҳорга 7 дона ҳурмо
ейиш. Расулуллоҳ (с.а.в) айтадилар: "Кимда-ким
эрталаб 7 дона ажва (Мадина ҳурмоси) ҳурмосини
еса шу куни заҳар ҳам, сеҳр ҳам унга таъсир
қилмайди". (Бухорий ва Муслим).
Шайх Абдулазиз ибн Абдуллоҳ, Расулуллоҳ (с.а.в)
нинг "Кимда-ким эрталаб Мадинанинг икки адири
ўртасидаги ҳурмодан 7 дона еса..." деган
ҳадисларига асосланиб Мадинанинг ҳамма ҳурмолари
заҳар ва сеҳрга шифо бўлишини таъкидлаганлар.
Умуман қаерники бўлишидан қатъий назар 7 дона
хурмо еган кишига шифо бўлиши мумкинлигини
айтганлар.
2. "Сеҳр" таъсир қилгандан кейин даволаш
Бунинг ҳам бир неча тури бор:
1). Агар сеҳр қилинган соч, тугун... ва
хоказолар беркитилган жойдан хабардор бўлса, уни
олиб ташлаш энг фойдали даводир.
2). Шариат буюрганидек дам солиш.
а) Сидр дарахтидан 7дона барг олиб янчилади ва
ювинишга етадиган миқдорда сув қуйиб, унга
қуйидаги сураларни ўқиб дам солади :"Бақара"
255, "Аъроф" 117-122, "Юнус" 79-82, "Тоҳа"
65-70, "Кофирун", "Ихлос", "Фалақ", "Ан-нос".
Сувдан 3 марта ичиб, қолганига ювинади. Бу
давони 2-3 марта такрорласа ҳам бўлади. Айниқса
иссиқ-совуқ қилинган одамга яхши таъсир этади.
б) Оғриётган аъзосини ўнг қўли билан силаб туриб,
"Фотиҳа", "Оятал курсий", "Бақара" сурасининг
охиридаги икки оят, "Ихлос", "Фалақ", "Ан-нос"
сураларини 3 мартадан ўқиб дам солади (Бухори ва
Муслим).
в) Умумий дуо ва дам солиш.
1.
Ас’алуллоҳал-ъазимна роббал-ъаршил-ъазийми ан
йашфи йака.
"Улуғ аршнинг Раббиси бўлган улуғ Аллоҳдан сенга
шифо беришини сўрайман" (7 марта). (Термизий,
Абу Довуд)
2. Қўлини оғриётган аъзосига қўйиб 3 марта "Бисмиллаҳ"
дейди ва 7 марта
Ауъзу биллаҳи ва қудратиҳи мин шарри ма ажиду ва
ухазиру
"Менга етган ва мен эҳтиёт бўлаётган
касалликнинг ёмонлигидан Аллоҳдан ва Унинг
қудратидан паноҳ сўрайман" деб айтади. (Муслим
ривояти).
3. Аллоҳумма роббан-нас азҳибил-ба’са вашфи
анташ-шафий ла шифаа илла шифаука шифаан ла
йуғодиру сақама.
Эй Аллоҳ. Эй инсонларнинг Раббиси! Мендан
зарарни кетказиб шифо бергин. Сен шифо
бергучисан, Сенинг шифоингдан ўзга шифо йўқ. У
касалликни кетказадиган шифодир. (Бухори, Муслим
ривояти).
4. Ауъзу бикалиматилла-ҳит-таммати мин кулли
шайтонин ва ҳаммаҳ ва мин кулли ъайнин ламмаҳ.
Ҳар бир шайтондан, ҳашоратдан ва касал қилувчи
кўздан Аллоҳнинг етук (мукаммал) калималари
билан паноҳ тилайман. (Фатхул-Бори)
5. Ауъзу бикалиматилла-ҳит таммати мин шарри ма
холақ.
Аллоҳнинг етук (мукаммал) калималари билан У
яратган махлуқотларнинг ёмонлигидан паноҳ
тилайман.(Муслим)
6. Ауъзу бикалиматиллаҳит-таммати мин ғозабиҳи
ва ъиқобиҳи ва шарри ъибадиҳи ва мин ҳамазатиш-шайатийни
ва ан йахзурувн.
Аллоҳнинг ғазабидан ва жазосидан, бандаларининг
ёмонлигидан, шайтонларнинг васвасасидан ҳамда
менинг ҳузуримга келишларидан Аллоҳнинг етук (мукаммал)
калималари билан паноҳ сўрайман. (Абу Довуд,
Термизий).
7. Ауъзу бикалиматилла ҳит-тамматил-латий ла
йужавизу хунна баррун вала фажирун мин шарри ма
холақо ва бараа ва зараа ва
мин шарри ма йанзилу минас-самаи ва мин шарри ма
йаъружу фийҳа ва мин шарри ма зараа фил-арзи ва
мин шарри ма йахружу минҳа. Ва мин шарри
фитанил-лайли ван-нахар ва мин шарри кулли
ториқин илла ториқон йатруқу бихойрин йа Рохман.
Аллоҳ яратиб пайдо қилган нарсаларининг
ёмонлигидан, осмондан тушадиган ва осмонга
чиқадиган, ерда пайдо бўлган ва ердан чиқадиган
нарсаларнинг ёмонлигидан, кечаси ва кундуз
фитналарининг ёмонлигидан, яхшиликдан бошқасини
олиб келувчининг ёмонлигидан, солиҳ ҳам фожир
ҳам ундан ўтиб кета олмайдиган Аллоҳнинг етук (мукаммал)
калималари билан паноҳ сўрайман. Эй Раҳмон! (муснади
Аҳмад)
8. Аллоҳумма Роббас-самаватис-сабъи ва роббал
ъаршил-ъзийм, роббана ва робба кулли шай’ин
фалиқол-хабби ваннава ва мунзилат-тавроти
вал-инжийли вал қуръан ауъзу бика мин шарри
кулли шай’ин анта ахизун бина сийатиҳи антал
аввалу фалайса қоблака шай’ун ва антал-ахиру
фалайса баъдака шай’ун ва антаз-зохиру фалайса
фавқока шай’ун ва антал-батину фалайса дунака
шай’ун...
Етти осмоннинг ва улуғ аршнинг Раббиси,
бизнинг Раббимиз ва барча нарсанинг Раббиси,
уруғ ва донни ёриб чиқарувчи, Таврот, Инжил ва
Қуръонни туширувчи Аллоҳим, жилови сенинг
қўлингда бўлган ҳар бир нарсанинг ёмонлигидан
мени Ўзинг асра. Сен аввалсан Сендан олдин бирон
нарса йўқ. Сен охирсан Сендан кейин ҳам бирон
нарса йўқ. Сен Зоҳирсан Сенинг устингда бирон
нарса йўқ. Сен ботинсан Сенинг остингда ҳам
бирон нарса йўқ. (Муслим ривояти).
9. Бисмиллаҳи арқийка мин кулли шай’ин йу’зийка,
ва мин шарри кулли нафсин ав ъайнин хасидин.
Аллоҳу йашфийка, бисмиллаҳи арқийка.
Cенга озор берадиган ҳар бир нарсага қарши , ҳар
бир хасадгўй нафс хамда кўзнинг ёмонлигига қарши
Аллоҳнинг исми билан сенга дам соламан. Аллоҳ
сенга шифо беради. Аллоҳнинг исми билан сенга
дам соламан (Муслим Абу Саиддан).
10. Бисмиллаҳи йубрийка ва мин кулли даин
йашфийка ва мин шарри хасидин иза хасад ва мин
шарри кулли зий ъайнин.
Аллоҳнинг исми билан У сенга шифо беради. Ҳар
қандай касалликдан, ҳасад қилувчининг
ёмонлигидан ва ҳар бир кўзи ўткир одамнинг
ёмонлигидан сенга шифо беради. (Муслим ривояти).
11. Бисмиллаҳи арқийка мин кулли шай’ин йу’зийка
мин хасади хасидин, ва мин кулли зий ъайнин.
Аллоҳу йашфийка.
Сенга озор берадиган хасадгўйнинг хасадига, ҳар
бир кўзи ўткир одамга қарши Аллоҳнинг исми билан
дам соламан. Аллоҳнинг ўзи шифо беради. (Ибн
Можа). Мана шу дуоларни ўқиб дам солинса сеҳр,
кўз тегиши, жин чалиши ва бошқа касалликларга
қарши Аллоҳнинг изни билан яхши муолажа бўлади.
3). Имконият бўлса сеҳрнинг таъсири сезилаётган
жой ёки аъзодан қон олидирилади. Агар имконият
топилмаса юқорида зикри ўтган дуолар Аллоҳ
ҳоҳласа кифоя қилади. (Зодул маод китобидан).
4). Табиий дорилар.
Табиий дорилар агар ихлос ва ишонч билан, шифо
фақатгина Аллоҳ тарафидан эканига эътиқод қилиб
истеъмол қилинса, фойда бериши қуръон ва ҳадисда
баён қилинган. Шунингдекҳалқ табобатида турли
хил ўтлардан тайёрланган дорилар ҳам бўлиб,
ҳаром бўлмаса шариат уларни истеъмол қилишни
манъ қилмайди. (Фатхул-хаққил-Мубин. Табиий
дорилар асал, қора седана, замзам суви, қор ва
ёмғир суви. Аллох таъоло: "Биз осмондан муборак
сувни туширдик". (Қоф-9) дейди. "Зайтун ёғи":
Расулуллоҳ (с.а.в) “Зайтун ёғини енглар ва
баданингизга суртинглар. Чунки у муборак
дарахтнинг ёғидир-дедилар”. (Аҳмад, Термизий,
Ибн Можа ривоятлари). Тажриба синовдан зайтун
ёғи энг афзал ёғ эканлиги маълум бўлган. Ювиниш,
поклик, хушбўйликлар сепиш ҳам табиий дорилардан
хисобланади.
2-Кўз тегишининг давоси.
Кўз тегишининг бир неча хил давоси бўлиб,
шулардан:
Биринчиси: Кўз тегишидан сақланиш. Бу ҳам бир
неча турга бўлинади.
1. Сеҳрнинг давоси бобида айтиб ўтилганидек
қуръон тиловати, зикр ва дуоларни доимо ўқиб
юриш.
2. Агар бир кишида кўз тегишига сабаб бўладиган
нарсаларни кўрса, чунончи ўзида ёки молу-мулкида
ёхуд фарзандларида бошқаларнинг хаваси келадиган
холатни кўрса, Аллоҳдан барака сўраб дуо қилсин:
Ма шааллоҳу ла қуввата илла биллаҳ. Аллоҳумма
барик ъалайҳи.
“Аллоҳнинг хохлагани бўлади. Қувват фақат
Аллоҳдан. Аллоҳим унга барака бергин”. Зеро
Расулуллоҳ (с.а.в) Агар сизлардан бирортангиз
биродарида хаваси келадиган нарсани кўрса унга
Аллоҳдан барака сўраб дуо қилсин деб айтганлар.
(Молик , Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).
3. Кўз тегишидан қўрқилаётган кишининг
фазилатлари яширилади. (Бағавий "Шархи сунна").
Иккинчиси: Кўз теккандан кейинги даволаш бўлиб,
бу ҳам бир неча турлидир.
1. Агар кўзи теккан хасадгўй маълум бўлса, унга
таҳорат олдирилади ва ундан қолган сувга бемор
ювинтирилади. (Абу Довуд).
Сеҳрланган кишига қилинганидек оғриётган ерини
ўнг қўли билан силаб туриб "Иҳлос", "фалақ", "Аннос",
"Фотиха", "Оятал-курси", "Бақара" сурасининг
охирги икки ояти ва ҳадиси шарифларда келган
дуолар такрор-такрор ўқилади.
3. Расулуллоҳ (с.а.в) саҳоба Собит ибн Қайсга
қилганларидек сувга дам солиш билан бирга
юқоридаги суралар ўқилади. Сўнгра беморга
ичирилади. Қолган сув устидан қуйиб юборилади,
ёки зайтун ёғига юқоридагидек дам солиниб
баданига суртилади. (Аҳмад). Агар замзам сувига
ёҳуд ёмғир-қор сувига дам солиб ичирилса янада
фойдалироқ бўлади.
4. Юқоридаги сураларни қоғозга ёзиб сувга
солинади. Шу сувдан бемор ичиб, қолганига
ювинади. (Зодул-Маод китобидан).
Учинчиси: Хасадгўйнинг кўзини қайтарадиган
амаллар;
1. Хасадгўйнинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўраш.
2. Аллоҳдан тақво қилиш. Буйруқ ва қайтариқларга
риоя қилиш. "Аллоҳни ёд етсанг Аллоҳ сени
сақлайди". Дейдилар Расулуллоҳ (с.а.в) (Термизи
ривояти).
3. Хасадгўйдан келаётган озорларга сабр қилиш,
уни авф қилиб, жанжаллашмаслик, ундан шикоят
қилиб одамларга айтиб юрмаслик ва унга ҳам озор
беришга харакат қилмаслик.
4. Ҳамма нарсадан сиқилавермасдан Аллоҳга
таваккал қилиш, Зеро ким Аллоҳга таваккал қилса,
Аллоҳ унга кифоя қилади.
5. Ҳасадгўй ҳақида ўйламаслик. Қалбини ёмон
фикирлар билан банд қилмаслик. Бу даволар ичида
енг фойдалисидир.
6. Аллоҳга ихлос қилиш. Ҳар бир ишда Аллоҳнинг
розилигини исташ.
7. Гуноҳларга тавба қилиш. Чунки гуноҳ туфайли
инсонга душманлари эгалик қилиб олади.
8. Имкони борича кўпроқ садақа ва эхсон қилиш.
Чунки балони, кўз тегишини, хасадгўйнинг
ёмонлигини қайтаришда садақанинг таъсири жуда
катта.
9. Хасадгўй, золим ва дилозор кишиларга эҳсон
қилиб туриш. У қачон сизга озор берса, ёмонлик
қилса, хасад қилса унга яхшилик қиласиз, шафқат
қилиб, мурувват кўрсатасиз. Бу ишингиз билан
унинг қалбидаги хасад оловини ўчирасиз. Албатта
ёмонликка яхшилик билан жавоб беришгаАллоҳ
тарафидан катта насиба берилган кишиларгина
муваффақ бўладилар.
10. Аллоҳни ёлғиз деб билиб, Унга бирон нарсани
шерик қилмаслик. Зарар ҳам фойда ҳам фақат
Аллоҳдан деб билиш. Чунки Аллоҳни ёлғиз деб
эътиқод қилиш мустахкам қўрғон бўлиб, унга
кирган киши омонликда бўлади.
Юқоридаги 10 та нарса хасадгўйнинг кўзидан,
сеҳиргарнинг сеҳридан сақланишга сабаб бўлади.
3-Жин теккан кишининг давоси.
Жин чалган ёки ичига кириб олган кишининг давоси
ҳам 2 хил:
Биринчиси:
жин чалишдан олдинги даво "Сеҳр" ва "Кўз" тегиши
қисмида айтиб ўтилганидек, фарз ва вожиб
амалларини ўз вақтида адо қилиш, барча
гуноҳларига тавба- тазарру қилиш доим зикр ва
дуоларни ўқиб юриш.
Иккинчиси:
Жин кириб олгандан кейин даволаш. Тақводор,
қалби тоза мусулмон киши жин чалган одамга "Фотиха"
сураси" Оятал курси" "Бақара" сурасининг охирги
2 ояти, "Иҳлос" "Фалақ" "Ан-нос" сураларини ўқиб
дам солади. Бу ишни уч ва ундан кўп мартта
такрорласа ҳам бўлади. (Абу Довуд). Қуръоннинг
бошқа оятларини ҳам ўқиш мумкин. Чунки
қуръоннинг ҳаммаси қалбдаги касалликга шифо,
мўъминлар учун ҳидоят ва рахматдир. "Сеҳр
давосининг "б" ва "в" қисмида келган дуолар
ўқилади. Жин чалган кишини даволашда икки
тарафдан: бемор тарафидан ҳам, даволагувчи
тарафидан ҳам бир хил нарса: тузалишга бўлган
ишонч ва қалби билан Аллоҳдан ёрдам беришини
сўраш талаб қилинади. Айниқса даволагувчи
ўқиётган нарсасига ўзи амал қиладиган бўлсин.
Чунки қуролнинг кескирлиги уни тутган эгасининг
қуввати биландир. Агар жин кириб олган кишининг
қулоғига азон айтилса жуда фойдали бўлади. Азон
айтилганда шайтоннинг қочишлиги ҳақида ҳадислар
келган. (фатхул-ҳаққул-мубин китобидан).
4-Нафсий касалликлар давоси.
Нафсий касалликлар ва юрак сиқилишини қуйида
қисқача баён қиламиз;
1. Залолат ва ширк юрак сиқилишининг энг асосий
сабаблари бўлганидек ҳидоят ва Аллоҳни ёлғиз деб
билиш бу касалнинг давосидир.
2. Ҳақиқий иймон нури ва солиҳ амал...
3. Фойдали илм. Кишининг илми қанчалик зиёда
бўлса қалби шунчалик кенгаяди. (очилади).
4. Гуноҳ қилганда Аллоҳ таъолога қайтиб, тавба
таззару қилиш, Аллоҳни қалби билан яхши кўриш,
ибодат қилганда унга юзланиш ва ибодатдан рохат
қилиш.
5. Ҳар қандай холатда ва ҳар бир жойда доим
Аллоҳни зикр қилиш. Чунки хотиржам бўлишда,
қалбдаги ғам ва сиқилишни кетишида зикирнинг
таъсири жуда катта.
6. Имкон борича Аллоҳнинг бандаларига яхшилик
қилиш, фоида етказиш, саховатли, мурувватли
кишининг қалби кенг, кўнгли тинч, хотиржам
бўлади.
7. Шижоатли бўлиш. Шижоатли кишининг қалби
хотиржам бўлади.
8. Қалбдан, сиқилишга олиб келадиган ёмон
сифатларни чиқариб ташлаш. Чунончи: хасад,
кўролмаслик, гина, адоват, зулм ва хоказо.
Расулуллоҳ (с.а.в) дан одамларнинг афзали ким? –деб
сўралганда, "Қалби махмум, тили содиқ (тўғри сўз)
ҳар бир киши" -дедилар. Тили содиқни биламиз
қалби махмум ким?-деб сўршди яна "У тақводор,
покиза, гуноҳсиз, зулм қилмайдиган, гина ва
хасад қилмайдиган киши деб жавоб бердилар. (Ибн
Можа ривояти).
9. Ортиқча назардан, гапириш ва эшитишдан,
еб-ичиш ва уйқудан, муомаладан сақланиш.
Фойдасиз нарсаларни тарк қилиш хам кўнгил
хотиржамлигини ва қалб оромини олиб келиб, ғам-андухни
кетказади.
10. Фойдали илм ёки амал билан шуғилланиш,
бекорчилик қалб сиқилишини олиб келади.
11. Бугунги ишлар билан машғул бўлиш. Келажакда
бўладиган ишларга бош қотирмаслик. Шунингдек
ўтган ишларга ҳам қайғуриб "сиқилмаслик". Закий
инсон дини ва дунёсига фойдали бўлган
нарсагагина ҳаракат қилади.
Раббисидан мақсадига етказишни сўрайди. Бу хам
унга тасалли бериб, ғам-ташвишни кетказади.
12. Офият, саломатлик, ризқ ва молу-дунёда
ўзидан юқорига эмас балки ўзидан паст бўлган
кишиларга қараш.
13. Ўтмишда қилган ёмон ишларини унитиш, у хақда
мутлақо ўйламаслик.
14. Агар бандага бир қийинчилик келса,”бундан
ҳам ёмонроқ бўлиши мумкин эди “-деб ишининг энг
ёмон оқибатини тахмин қилиб, қийинчиликни
бартараф қилишга ҳаракат қилиши керак.
15. Барқарор бўлиш, фикрга келадиган гумон ва
ёмон хаёллардан таъсирланмаслик,
безовталанмаслик ва ғазабланмаслик. Яхши кўрган
нарсасидан айрилиб қолишини, ёмон кўрган нарсаси
рўй беришини кутиб ўтирмасдан, фойдали иш билан
шуғулланиб, ишини Аллоҳга топшириб таваккал
қилиш ҳамда Аллоҳдан авф ва офият сўраш.
16. Бутун қалби билан Аллоҳга суяниш ва таваккал
қилиш. Аллоҳга яхши гумонда бўлиш. Чунки Аллоҳга
таваккал қилувчи кишига ёмон хаёл ва гумонлар
таъсир қилмайди.
17. Инсонга берилган хаёт жуда қисқа бўлиб,
ундаги бахту-саодат ва хотиржамлик онлари ундан
ҳам қисқа. Оқил инсон мана шундай қисқа хаётини
қайғу ва ғам билан янада қисқартирмайди.
18. Агар биронта мусибат етса, дини ва дунёсида
келган неъматлар билан етган мусибат ўртасини
таққослайди. Шунда неъмат мусибатдан кўра кўп
эканлиги маълум бўлади.
Шунингдек бошига тушишидан ташвишланаётган зарар
билан келиш эхтимоли бўлган яхшилик ўртасини
таққослайди. Бунда ҳам кўп фойда озгина зарарни
қоплаб кетади. Шу билан ундан қўрқув ва қайғу
кетади.
19. Одамларнинг етказаётган озорлари, хусусан, у
хақда айтилган хунук сўзлар ўзига зарар бера
олмаслигини билсин. У хақда ўйламасин,
фикрламасин. Шунда зарар бермайди.
20. Дини ва дунёсига фойдали бўлган нарсалар
хақида фикр юритсин.
21. Киши қилган яхшилиги эвазига Аллоҳдан
бошқасидан мукофот ёки рахмат кутмаслиги керак.
Бу Аллоҳ билан ўзи ўртасидаги муомила бўлиб,
одамлар унга рахмат айтишадими, йўқми парво
қилмайди. Аллоҳ таоло айтади: "Биз сизларни
Аллоҳнинг юзи учун таомлантирдик сизлардан
мукофат ҳам рахмат ҳам талаб қилмаймиз"
(Инсон-9).
Айниқса, аҳли оиласига қилган яхшилиги учун
мукофот сўрамайди.
22. Фойдали ишларни ўз олдига мақсад қилиб,
уларни амалга оширишга ҳаракат қилсин. Зарарли
ишларга эътибор бермасин ва у билан фикрини
чалғитмасин.
23. Ишларни ўз вақтида бажарсин. Эртага қолдириб
ўзига ғам ташвиш орттирмасин. Шундай қилса
эртанги ишларига ғайрат ва шижоат билан киришади.
24. Фойдали илмни ва энг ахамиятли амални танлаш
Бунда инсоннинг ўзидаги хохиш ҳам муҳим. Банда
аввало Аллоҳдан мадад сўрайди, кейин ақл-фаросатли
кишилардан маслахат олади. Маслахат бир жойда
тўхтагач, Аллоҳга таваккал қилиб ишни бошлайди.
25. Аллоҳнинг ошкора ва махфий неъматлари хақида
гаплашиш. Чунки Аллоҳнинг неъматларини билиш ва
гаплашиш бандадан ғам-ташвишни кетказиб шукр
килишга туртки бўлади.
26. Аҳли аёли, қариндошлари ва чор
атрофидагилардан биронта айбни топса ҳам уларга
яхши муомила қилаверсин. Чунки бунинг муқобилида
бир неча фазилатларидан ҳам хабардор бўлиши
мумкин, салбий ва ижобий сифатларни таққослаб,
мулохаза қилса қалби таскин топиб, яқинларидан
юз ўгирмайди. Расулуллоҳ (С.А.В.) шундай
деганлар: "Мўъмин киши мўъмина аёлидан дарғазаб
бўлмасин. Агар унинг бир хулқини ёқтирмаса бошқа
хулқидан рози бўлади" (Муслим ривояти).
27. Ҳамма ишлари ўнгидан келишини сўраб дуо
қилиш. Чунончи: “Аллоҳим ! Ишимнинг ҳимоячиси
бўлган динимни ислоҳ қилгин. Тирикчилигим бўлмиш
дунёимни ислоҳ қилгин. қайтар жойим бўлмиш
охиратимни ҳам ислоҳ қилгин.Ҳар бир яхшиликка (
амал қилиш учун ) ҳаётимни узун қилгин. Ўлимимни
мен учун хар қандай ёмонликдан ( қутуладиган)
рохат қилгин.”
( Муслим ривояти)
"Эй Аллоҳ раҳматингни умид қиламан. Бир лаҳза
ҳам ўз холимга ташлаб қўйма. Ҳамма ишларимни
ўнглагин. Сендан ўзга илоҳ йўқ" (Абу Довуд ,
Аҳмад ривояти).
28. Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш. Расулуллоҳ (с.а.в)
дедилар: "Аллоҳ йўлида жиҳод қилинглар. Чунки
Аллоҳ йўлидаги жиҳод жаннат эшикларидан бир эшик
бўлиб, Аллоҳ у сабаб қайғу ва ғамдан қутқаради"
(Аҳмад ривояти).
Юқорида зикр қилинган сабаб ва воситаларга ишонч
ва ихлос билан амал қилинса нафсий касалликларга,
хусусан юрак сиқилиши ва ғам андуҳга даво бўлади.
Баъзи уламолар буни ўзларида тажриба қилиб
кўрганларида Аллоҳнинг изни билан яхши фойда
берган.
5-Яра ва жарохатнинг давоси.
Агар Расулуллоҳ (с.а.в)га бирор инсон
касалликдан шикоят қилса ёхуд унда яра, жарохат
бўлса бармоқларини шундай қилардилар, деб (Суфён-ҳадис
ровийси кўрсатгич бармоғини ерга қўйиб кўрсатди)
Сўнг Расулуллоҳ (с.а.в) бармоқларини кўтариб
ушбу дуони ўқир эдилар.
“Бисмиллаҳи турбату арзина бирийқи баъзина йушфа
сақиймуна биизни Роббина.”
Маъноси : "Аллоҳнинг исми билан бошлайман.
Еримизнинг тупроғи ва баъзимизнинг тупуги орқали,
Раббимизнинг изни билан касал кишимиз шифо
топажак”. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Ҳадиснинг маъноси шундай: Расулуллоҳ (с.а.в)
кўрсаткич бармоқларга тупуриб ерга теккизар,
бармоққа тупроқ ёпишгач у билан жарохат ёки яра
устини силаб юқоридаги дуони ўқир эдилар. (Шархи
Нававий).
6-Мусибатнинг давоси.
1. Аллоҳ таъоло айтади: На ерга ва на
ўзларингизга бирон мусибат етмас, магар (етса)
Биз уни пайдо қлишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-Маҳфузда
битилган) бўлур. Албатта бу Аллоҳга осондир.
Токи сизлар қўлларингиздан кетган нарсага
қайғурмайсизлар ва ( Аллоҳ) ато этган нарса
билан шодланиб (ҳаволаниб) кетмагайсизлар. Аллоҳ
барча кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймас.
(Ҳадид 22-23.)
2. Аллоҳ таъоло айтади: (Бирон кимсага ) бирон
мусибат етмас, магар Аллоҳнинг изни-иродаси
билангина (етур). Ким Аллоҳга иймон келтирса, У
зот унинг қалбини (тўғри-йўлга) ҳидоят қилур.
Аллоҳ барча нарсани билгувчидир. (Тағобун 11.)
3. Бандага мусибат етганда "Биз Аллоҳникимиз ва
унга қайтгувчимиз. Эй Аллоҳ менга етган
мусибатда мени ажрлантир ва эвазига ундан кўра
яхшироғини бергин" деб айтса, Аллоҳ унга етган
мусибатда унга ажру –савоб ато этади. Ва эвазига
ундан кўра яхшироғини беради. (Муслим ривояти).
4. Агар банданинг фарзанди ўлса Аллоҳ
Малоикаларига айтади: Бандамнинг фарзандини
жонини олдингизми? "Ҳа" -деб жавоб берадилар.
Бандам қалбининг мевасини жонини олдингизми?
Малоикалар "Ҳа" -деб жавоб берадилар. Аллоҳ
сўрайди: Бандам нима деди? Малоикалар айтадилар:
"сенга хамд ва истиржоъ айтди" (яъни, биз
Аллоҳникимиз ва унга қайтгувчимиз). Аллоҳ айтади:
"Бандам учун жаннатда уй қуринглар ва уни "ҳамд
уйи" деб номланглар". (Термизи ривояти).
5. Аллоҳ таъоло айтади: "Агар мўъмин бандамнинг
дунё аҳли ичидаги энг севикли кишисининг жонини
олсам, шундан кейин у савоб умидида сабр қилса,
унга берадиган мукофотим фақат жаннат бўлади". (Бухорий
ривояти).
6. Расулуллоҳ (с.а.в) фарзанди ўлган кишига
шундай дедилар: жаннат эшикларидан хохлаган
эшикка борганингда фарзандингни сени кутиб
турган холатда топишинг сени қувонтирмайдими? (Аҳмад
ва Насоий).
7. Аллоҳ таъоло айтади: Бандамнинг икки
махбубини олиб қўйганимда сабр қилиб савоб умид
қилса, улар эвазига жаннатни бераман. (Бу ерда
икки кўзи назарда тутилган). (Бухори ривояти).
8. Мусулмонга касаллик ёки ундан бошқа озор етса,
Аллоҳ шу озор сабабли дарахт баргини тўкканидек
унинг гуноҳларини тўкади. (Бухори ва Муслим).
9. Бирон бир мусулмоннинг баданига тикан кирса
ёки ундан каттароқ озор етса, эвазига унга бир
даража (савоб ёзилиб, бир гуноҳи ўчирилади. (
Муслим).
10. Мўминга давомли оғриқ, машаққат, касаллик
ёки қайғу етса, хаттоки бир нарсадан ташвишланса
ҳам, унга етган бу озор сабабли гуноҳлари
тўкилади . (Муслим ривояти).
11. "Катта мукофот катта бало (синов)га берилади.
Агар Аллоҳ бир қавмни яхши кўрса уларга бало (синов)
юборади. Ким рози бўлса унга ҳам (Аллоҳ
тарафидан) розилик, ким ғазабланса, унга ҳам (Аллоҳ
тарафидан) ғазаб бўлади". (Термизий, Ибн Можа).
12. Бандага бало (синов) келаверади, ҳатто шу
сабабли гуноҳлари ўчирилиб ер юзида гуноҳсиз
юрадиган бўлади. (Термизий, Ибн Можа).
7-Ғам ва ташвишнинг давоси.
1. "Бандага ғам ва ташвиш етганда ушбу дуони
ўқиса: " Аллоҳим! Мен, сенинг қулингман.
Қулингни ўғлиман. Чўрингни ўғлиман Кокилим
сенинг қўлингда (яъни ихтиёрим сенинг қўлингда).
Хукминг устимда жорийдир. Менга қилган хукминг
(амринг) адолатлидир. ўзингни номлаган, ёки
китобингда нозил қилган ёҳуд бирон банданга
билдирган ёки ўз олдиндаги ғайб илмида олиб
қўйган хамма исмларинг билан сендан сўрайман.
Қуръонни калбимнинг бахори, кўнглимнинг нури,
хафалигимни олувчи, ғаму ташвишимни кетказувчи
қилгин". Аллоҳ ундан ғам ва ташвишни кетказиб
ўрнига хурсандчиликни беради". (Аҳмад ривояти).
( 58-дуога қаранг)
Аллоҳумма инний ауъзу бика минал-ҳамми вал-хазан
вал-ъажзи вал-касал вал бухли вал жубн ва
золаъид-дайни ва ғолабатир рижали.
2. "Аллоҳим! Мен сендан ғам ва ташвишдан,
ожизлик ва дангасаликдан, бахиллик ва
қурқоқликдан, қарзнинг оғирлиги ва кишиларнинг
менга ғолиб бўлишидан панох сўрайман" Расулуллоҳ
(с.а.в) бу дуони кўп ўқир эдилар. (Бухори
ривояти).
8-Қайғунинг давоси.
1. Буюк ва Халим бўлган Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ.
Буюк Аршнинг Раббиси бўлган Аллоҳдан ўзга илоҳ
йўк. Осмонларнинг Раббиси, ернинг Раббиси ва
улуғ Аршнинг Раббиси бўлган Аллоҳдан ўзга илох
йўқ. (Бухори ва Муслим ривояти). ( 55-дуога
қаранг.)
2. Аллоҳим! Рахматингни умид қиламан. Бир лахза,
ҳам (химоянгсиз) ўз холимга ташлаб қўйма.
Ишларимнинг ҳаммасини ислох қил Сендан ўзга илоҳ
йўқ. (Абу Довуд, Аҳмад). ( 56-дуога қаранг.)
3. Сендан ўзга илоҳ йўқ. Сен (айбу –
нуқсонлардан) поксан. Мен (гуноҳ қилиб) зулм
қилувчилардан бўлдим. (Термизий ривояти). (
57-дуога қаранг.)
4. Аллоҳу.Аллоҳу Роббий ла ушрику биҳи шай’а.
"Аллоҳ. Аллоҳ менинг Раббим, Унга бирон нарсани
шерик қилмайман" (Абу Довуд, Ибн Можа).
9-Бемор ўзини ўзи даволаш.
Қўлингизни оғриётган жойга қўйиб 3 марта
"Бисмиллаҳ" деб айтинг сўнгра 7 марта:
Ауъзу биллаҳи ва қудратиҳи мин шарри ма ажиду ва
ухазиру.
Маъноси: менга етган ва мен эхтиёт булаётган
нарсанинг ёмонлигидан Аллоҳдан ва унинг
қудратидан паноҳ сўрайман. (Муслим ривояти).
10-Зиёратчининг беморни даволаши.
Биронта мусулмон банда касални кўргани борганда
7 марта:
Ас’алуллоҳал- Роббал-ъаршил ъазийм ан йашфийка
"Улуғ Аршнинг Раббиси бўлган улуғ Аллоҳдан сенга
шифо беришини сўрайман" деб айтса, ажали етмаган
бўлса тузалиб кетади. (Термизий ва Абу Довуд
чикарган).
11 -Уйқуда чўчиш ва безовта бўлишнинг давоси.
Ауъзу бикалиматиллаҳит-таммати мин ъазабиҳи ва
ъиқобиҳи ва шарри ъибадиҳи ва мин
ҳамазатиш-шайатийни ва ан-йахзурувн.
Аллоҳнинг етук (мукаммал) калималари билан унинг
ғазабидан, жазосидан, бандаларининг ёмонлигидан,
шайтонларнинг васвасасидан ва улар менинг
хузуримга келишларидан панох беришини сўрайман.
(Абу Довуд).
12-Иситманинг давоси.
Расулуллоҳ (с.а.в) айтдилар: "Иситма жаханнам
алангасидан. Уни сув билан совитинглар".
(Бухори).
13-Илон ва чаён чаққаннинг давоси.
1. "Фотиха" сурасини ўқиб, чаққан ерига туфик
суртилади. (Бухори).
"Кафирун", "Фалақ", "Ан-нос" сураларини ўқиб
илон ёки чаён чаққан жойга сув билан туз
суртилади. (Табароний "Муъжамус – сағийр").
14-Ғазабнинг давоси.
1. Ғазабнинг давоси икки хил бўлиб:
Ғазабни келтирадиган нарсалардан, чунончи кибр,
манманлик, бировларни менсимаслик, ноўрин хазил
– мутойиба ва хаказолардан сақланиш.
2. Ғазаб келганда қилинадиган даво: бўлиб, улар
қуйидагилар,
а). "Ауъзу биллаҳи минаш-Шайтонир рожийм" дейиш
б). Таҳорот олиш.
в). Холатни ўзгартириш. Масалан: турган бўлса
ўтириш, ўтирган бўлса ётиб олиш, хонадан чиқиб
кетиш, сукут сақлаш ва хаказо.
г). Ғазабни тийганга бериладиган савоблар, ҳамда
ғазабнинг оқибати хақида келган оят ва
ҳадисларни эслаш.
15-Қора седона билан даволаш.
Расулуллоҳ (с.а.в) айтдилар: "Қора седона
ўлимдан бошқа хамма касалга даводир".
Ибн Шихоб айтадилар: "Қора седонанинг фойдаси
жуда кўп... ҳамма касалга даводир" деган сўзлари
Аллоҳ таъолонинг "(шамол) Раббисининг амри билан
хамма нарсани вайрон қилади" (Ахқоф-35) деган
сўзига ўхшайди. Шамол вайрон қилиш мумкин бўлган
хамма нарсани вайрон қилганидек, қора седона ҳам
тузатиш мумкин бўлган хамма касалга даводир.
Маълумки ўлимдан бошқа хамма касалнинг давоси
бор. (Зодул – Маод китобидан).
16-Асал билан даволаш.
Аллоҳ таъоло асалари хақида шундай дейди: "Унинг
(асалари) қорнидан одамлар учун шифо бўлган
алвон рангли ичимлик – асал чиқур Албатта, бу
ишда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибрат
бордир". (Нахл-69).
Расулуллоҳ (с.а.в) айтдилар: Уч нарсада шифо
бор: қон олдиришда, асал истеъмол қилишда,
ўт-олов билан куйдиришда. Мен умматимни куйдириб
даволашдан қайтараман. (Бухори).
17-Зам-зам суви билан даволаш.
1. Расулуллоҳ (с.а.в) зам зам суви хусусида: "У
муборак сув бўлиб таомланувчига таом, “касалга
шифодир” деганлар). (Муслим ривояти).
2. Жобир ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ
(с.а.в) шундай дедилар: "Зам-зам суви (нима
мақсадда) ичилса ўша учундир" (яъни: қорин
тўйдириш учун ичилса таом, даво учун ичилса шифо
бўлади ва хоказо).
Расулуллоҳ идиш ва мешларда зам зам сувини олиб
келиб касалларнинг устидан қуйиб, қолганини
ичирар эдилар. (Термизий ва Байхақий ривояти).
Ибн Қаййим (Аллоҳ рахмат килсин) айтадилар: "Мен
ҳам, бошқалар ҳам зам зам суви билан даволаниш
орқали яхши натижаларга эришдик. Аллоҳнинг изни
билан, зам зам суви сабаб бўлиб турли дардлардан
фориғ бўлдим. (Ибн Қаййим "Зодул-маод").
18-Қалб касаллигининг давоси.
Қалблар уч хил бўлади.
1.
Тоза қалб:
Қиёмат куни Аллоҳнинг хузурида шундай қалб
эгасигина нажот топади. Аллоҳ таъоло айтади: У
кунда на молу давлат ва на бола-чақа фойда
бермас; Магар Аллоҳ ҳузурига тоза дил билан
келган кишиларгагина (фойда берур). (Шуаро 88,
89).
Тоза қалб – Аллоҳнинг буйруқ ва қайтарувларига
қарши чиқувчи шахватдан, Аллоҳ тарафдан келган
хабарларга шубҳа қилишдан, Аллоҳдан бошқасига
қул булишдан, Расулуллоҳ (с.а.в) дан бошқасидан
хукм сўрашдан саломат бўлган қалбдир. Қисқаси,
тоза қалб Аллоҳга ширк келтиришдан саломат
бўлган қалбдир. У мухаббат, қурқув, таваккал,
тавба-тазарруъ, итоат, умид ва бошқа ибодатларда
Аллоҳга холис қулчилик қилади. Амали хам холис:
Яхши кўрса Аллоҳ учун кўради. Ёмон кўрса Аллоҳ
учун ёмон кўради. Берса ҳам Аллоҳ учун, бермаса
ҳам Аллоҳ учун. Унинг ғаму – ташвиши, мухаббати,
мақсади, бадани, амали, уйқуси, уйғоқлиги,
гапириши, сукути хамма – хаммаси Аллоҳ учун.
Аллоҳ хақидаги сухбат унинг энг севимли сухбати.
Унинг фикру – хаёли Аллоҳ рози бўладиган, яхши
кўрадиган нарсаларда бўлади. Аллоҳдан шундай
қалбни сўраймиз. (Ибн Қаййим "Иғосатул
-лухфон").
2.
Ўлик қалб:
Бу тоза қалбнинг зидди бўлиб Раббисини
танимайди. Унга ибодат қилмайди, уни яхши кўриб,
рози қилмайди. Балки у шахват ва лаззатлар
қулидир. Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлсада нафси
буюрган ишларни қилади. У мухаббат, қўрқув,
умид, рози қилиш, улуғлаш, хокисор бўлиш ва
бошқаларни Аллоҳдан бошқасига сарфлайди. Ёмон
кўрса нафси учун ёмон кўради. Яхши кўрса ҳам
нафси учун яхши кўради. Берса хам, бермаса хам
хаммаси нафси учун. Нафси унинг имоми, шахвати
йўл бошчиси, жахолат етакчиси, ғафлат эса
уловидир. Бундай қалбдан Аллоҳдан панох
тилаймиз. (Ибн Қаййим "Иғосатул-лухфон").
3.
Касал қалб:
бу қалб тирик, лекин касалманд. Унда ҳар икки
модда бўлиб қай бири кучли бўлса шуниси ғолиб
бўлади. Унда Аллоҳга мухаббат, иймон, ихлос,
Аллоҳга таваккал қилиш каби тириклик аломати
бўлган сифатлар бор. Шунингдек, шахватларни яхши
кўриш, хасад, кибр, манманлик, одамларни устидан
хукмронлик қилиш, мунофиқлик, риё, бахиллик, ер
юзида бузғунчилик қилиш каби касаллик аломати
бўлган сифатлар ҳам бор.
Қалб касаллиги давосини қуръон баён қилиб
берган. Аллоҳ таъоло айтади: Биз мўминлар учун
шифо ва раҳмат бўлган қуръон оятларини нозил
қилурмиз. (Исро-82)
Эй инсонлар , сизларга Парвардигорингиз
томонидан панд-насиҳат, дилларингиздаги бузуқ
эътиқодлардан иборат нарсаларга шифо ва иймон
келтирган зотларга ҳидоят ва раҳмат (яъни,
қуръон) келди. (Юнус-57).
Қалб касаллиги 2 турлидир.
Биринчи тури: эгаси оғриқни сезмайдиган,
жахолат, шак-шубха касаллиги. Бу энг оғир
касаллик бўлиб, кўпинча хис қилинмайди.
Иккинчи тури: Оғриқ хис қилинадиган касаллик.
Ғам ташвиш, қайғу, изтироб, ғазаб касаллиги. Бу
касаллик табиий дорилар ва бошқа воситалар билан
даволанади.
Қалб тўрт хил йўл билан даволанади:
Биринчиси:
Қуръони карим. Чунки у қалбдаги шак-шубхаларга
даво. Ундаги ширк ва куфр кирларини, шахват
касалини кеткизади. Қуръон хақни таниб, амал
қилган кишига хидоят ва рахматдир. У сабабли
мўъминлар дунё ва охират яхшиликларини кўлга
киритадилар. Аввал ўлик (кофир) бўлган , сўнгра
биз уни (динга ҳидоят қлиш билан ) тирилтириб,
унга одамлар орасида ўзи билан бирга олиб
юрадиган нурни (иймонни) бериб қўйганмиз бир
киши-зулматларда қолиб кетган ва ундан ҳеч
чиқувчи бўлмаган кимсага ўхшайдими ?!. (Анъом
122).
Иккинчи: Қалб уч нарсага мухтож.
а). Унинг қувватини сақлаб турадиган имон ва
солих амалга.
б). Гуноҳ ва маъсиятлардан узоқ бўлиш билан, уни
зарарлардан химоя қилишга.
в). Тавба тазарруъ, истигфор айтиш билан унга
озор берадиган нарсалардан фориғ қилишга.
Учинчи: Қалбни хавои – нафс эгаллаб олишидан
сақлаш. Бу муолажа ҳам икки хил бўлиб: 1. Нафсни
хисоб-китоб қилиш. 2. Нафсга қарши чиқиш.
Нафсни хисоб-китоб қилиш 2 хил бўлади:
А) амалдан олдин хисоб-китоб қилиш.
Бу амал унга тақдир қилинганми?
Бу амални қилиш унга қилмасликдан кўра
яхшироқми?
Бу амал билан Аллоҳнинг розилигини истаяптими?
Бу амални агар бир ўзи эплай олмаса унга ёрдам
берадиган ва қўллаб қувватлайдиганларни топа
оладими? Агар бу саволларга ижобий жавоб топса
амалга қадам қўяди. Агар жавоб топа олмаса, йўқ.
Б) амалдан кейин хисоб-китоб қилиш.
1. Тоат – ибодатда қосирлик қилиб, кўнгилдагидек
бажара олмагани учун нафсини хисоб-китоб қилади.
Ихлос, насихат, эргашиш, эхсон холатига етиш.
Аллоҳнинг унга қилган мархаматини тан олиш каби
Аллоҳнинг хақ-хуқуқларини бажара олмаётганига
нафсини хисоб-китоб қилади.
2. Қилган амали устида нафсини хисоб-китоб
қилади. Аслида бу амални қилмагани афзал эди.
3. Аслида мубох бўлиб ўзи қилмаган амал устида
нафсини хисоб-китоб қилади. Агар Аллоҳ ва
охиратни кўзлаб қилмаган бўлса фойда қилади.
Агар дунёни кўзлаб қилмаган бўлса зиёнкор
бўлади. Қисқаси аввало фарз амаллари устида
нафсини хисоб-китоб қилади. Агар камтик ерини
топса уни тўлдириб кўяди. Сўнгра қайтарилган
амаллар устида хисоб-китоб қилади. Агар бирон
бир гуноҳ маъсиятни қилиб қўйган бўлса тавба ва
истиғфор билан ислох қилади. Сўнгра аъзои-бадани
қилган амаллар устида, сўнгра ғафлатда қолган
амаллари устида нафсини хисоб-китоб қилади.
Тўртинчи: қалбни шайтон эгаллаб олишидан
даволаш: Шайтон инсоннинг душмани. Шариатда баён
қилинганидек, Аллоҳдан панох тилаб ундан қутилиш
мумкин. Набий (с.а.в)- нафснинг ёмонлигидан
панох тилаш билан бирга шайтоннинг ёмонлигидан
ҳам Аллоҳдан панох тилаганлар. Набий (с.а.в) Абу
Бакрга ушбу дуони ўргатганлар:
Аллоҳумма фатирос-самавати вал-арз ъалимал-ғойби
ваш-шаҳадаҳ, робба кулли шай’ин ва малийкаҳу
ашҳаду алла илаҳа илла анта ауъзу бика мин шарри
нафсий ва мин шариш-шайтони ва ширкиҳи ва ан
ақтарифа ъала нафсий суан ав ажурра-ҳу ила
муслимин.
"Осмонлар ва ернинг яратувчиси, ғайб ва ошкора
нарсаларни билувчи. ҳар бир нарсанинг Раббиси ва
подшохи бўлган эй Аллоҳ! Сендан ўзга илох йуқ
деб гувохлик бераман. Нафсимнинг ёмонлигидан,
шайтоннинг ёмонлигидан ва ширкидан, ўзимга
ёмонлик қилишдан ёки биронта мусулмонга ёмонлик
қилишимдан сендан панох тилайман" -деб айтгин.
Тонг отганда, кеч кирганда ва тушакка
ёнбошлаганингда бу дуони ўқигин –дедилар.
(Термизий, Абу Довуд).
Ихлос, Аллоҳга таваккал қилиш, ундан панох тилаш
Шайтоннинг хукмронлигини қайтаради. (Ибн Қаййим
"Иғосатул-лухфон").
Аллоҳнинг бандаси ва расули, Мухаммадга, оила
аъзоларига, жамики сахобаларига ва Қиёматгача
уларга яхшилик билан эргашганларга Аллоҳнинг
рахмати ва саломи бўлсин. |