Hosted by uCoz


Qur`oni karim

НИКОХ – ОИЛА ПОЙДЕВОРИ

 

Табароний ривоят қилган бир ҳадисда Жаноби Пайғамбаримиз (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилганлар: "Албатта, Аллоҳ таоло аёллар ила яхши муомалада бўлишингизни тавсия этади. Чунки улар сизларнинг оналарингиз, қизларингиз ва холаларингиздир. Аҳли китоблардан бирортаси қўли ипга бормаган (игна ила кийим ямашни билмаган) аёлга уйланса ҳам, улар бир-бирларидан юз ўгиришмаган".

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: "Уч нарсанинг жиддийи ҳам, ҳазили ҳам жиддийдир: никоҳ, талоқ ва ражъат (бир талоқ қилинган хотинга қайтиш)".
Фарзандлар комил, етук, диёнатли бўлиши учун уларга ҳалол луқма едириб ўстириш кераклиги ҳақида кўп ибратли сўзлар эшитамиз. Аммо луқмадан-да олдинроқ ўйлаш керак бўлган жиддий бир муаммо мени кўпдан бери ўйлантириб келади.

Биринчи мисол.

Яқинда менга таниш бир аёлнинг ўғил фарзанд кўрганини эшитдим. Бир йилча олдин оиласида жанжал бўлиб, эри уни уч талоқ қўйганини ва бирмунча вақт ўтгач, яна бирга яшаб кетишгани эсимга тушди...

Иккинчи мисол.

Уч болали бир эркак хотини билан уришди ва унга: "Уч талоқсан, кет уйимдан", деб ҳайдади. Хотин кетмади. Болаларини ўйлади. Қайнотасини чақириб, ўғлини тартибга чақиришини сўради. Қайнота келиб, панд-насиҳат қилди, уларни яраштириб кетди. Турмушлари аввалгидай изга тушди. Кейинги йили эса тўртинчи фарзанд дунёга келди...

Учинчи мисол.

Жаҳли чиққан эр хотинига: "Агар тўйга борсанг, қайтиб келма", деди. Аёл ҳам эрига жаҳл қилиб, дугоналари билан зиёфатга кетди. Вақт ўтиб, эр жаҳлдан тушди. Аёл яна уйига қайтганида, уни ичкари киргизди. Аввалгидай яшай бошлашди. Бирин-кетин фарзандлар туғилди...
Бунақа оилавий можаролар кейинги пайтлар тез-тез учраб турибди. Шариатдан хабарсиз эркаклар аёлларини гўё бир қўрқитиб қўйиш мақсадида сал нарсага "талоқ" сўзини тилга олишади. Бу билан никоҳ деган муқаддас битим поймол бўлишини ҳатто ўйлаб ҳам кўришмайди.
Никоҳ ҳаромдан сақланиш йўлидир. Унинг ҳурматини сақлаш солиҳ фарзандлар тарбияси учун ўта муҳимдир. Билиб-билмай орага талоқ тушиб қолса, қайси ҳолда оилавий ҳаётни давом эттириш мумкин, қайси ҳолда мумкин эмас каби саволларнинг жавобини ҳар бир эр-хотин билиб қўйиши керак.
Ўзингиз билмаган ҳолда фарзандингиз дунёга никоҳсиз келиб қолмадими? Аёлингизга бехосдан бўлса-да: "Сени қўйдим", "Бошинг бўш", "Талоқ қилдим", деб қўймадингизми? Ёки киноя ва мазах билан: "Тур, чиқиб кет", "Мен сенинг эринг эмасман", "Ўзингга бошқасини топ", каби сўзларни ишлатвормадингизми?
Мужтаҳид олимлар эр агар бу сўзларни ажралиш ниятида ёки ажралишни музокара этаётган пайт ёхуд аччиқ устида, қаҳр-ғазаб ҳолатида айтса, орага талоқ тушади деб фатво беришган.(1)
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек, никоҳ ва талоқда ҳазил йўқ, жаҳл чиққанда талоқ бериб, ҳушёр тортган пайт яна қайтадан яшаб кетаверадиган жўн иш эмас бу.
Соғлом ақл эгалари бунақа енгил-елпи бўлишмайди. Улар оилавий ҳаётларига, никоҳ ва талоқ масалаларига ҳазил-мазах, қаҳр-ғазаб ёки илмсизлик ва омилик билан эмас, жиддий ёндашишади. Алҳамдулиллаҳ, бугун сўраб ўрганишимиз мумкин бўлган олимлар кўп, бу масалалар китоб-журналларда кенг ёритиляпти. Расталардан диний манбаларни ёхуд улардан фойдаланиш имкониятларини топсак бўлади.

Умида АБДУССАЛОМ қизи,
ЎзМУ журналистика факултети ўқитувчиси

1"Ҳидоят" журнали, 2000 йил 8-сон 16-бет.

 

 

 
 
 
 Суз боши

 

Оила форуми

 

 Манзилимиз

 

 

 

 

 

www.muslimaat.uz
 

 

www.islom.uz
 

 

Fatvolar arhivi
 

 

www.halol.uz
 

 

FORUM
 

 

www.hilol.com
 

 

www.islam.uz
 

 

 

 

 
 
 
 
 
 
Hosted by uCoz