ОИЛА ҚУРИШГА ТАЙЁРМИСИЗ?
Ҳар бир ўсмир ўғил ёки
қиз 13-16 ёшда организмида бўладиган физиологик
ўзгаришларни билиши лозим. Улар ўсмирлик даврининг
бошланиши жуда масъулиятли давр эканлигини
унутмасликлари керак. Шундай экан, соғлом авлод яратиш
учун қуйидаги маслаҳатларни билишлари ва уларга амал
қилишлари фойдалидир. 1. Ўсмирларнинг балоғатга етиш
даври сирларини билмасликлари, кўпинча нохуш оқибатларга
олиб келади. Бундай ҳол юз бермаслиги учун ўғил отага,
қиз эса онага ёки гинеколог - шифокорга мурожаат қилиши
ва улар назоратида бўлиши лозим. 2. Балоғат ёши даврида
ўғил болалар ва қизлар организмида фақат иккиламчи
жинсий белгиларгина бошланиб қолмасдан, балки уларда
сезиларли даражада руҳий ўзгаришлар ҳам кузатилади. Бу
даврни бошдан кечираётган ўсмирларнинг қизиққон бўлиши,
"сиркаси сув кўтармаслиги" ёки аксинча, хаёли паришон
бўлиб қолиши табиий ҳол ҳисобланади. Ўсмирларни бу
даврда эҳтиётлаш, уларга нисбатан эътиборни кучайтириш -
келажакда жисмонан ва руҳан бақувват ёшларнинг юзага
келишига асос бўлади. 3. Қиз боланинг жинсий балоғатга
етиши 12-15 ёшларга тўғри келади. Лекин бу ҳол
баъзиларда эрта ёки кечроқ бошланиши ҳам мумкин. Шу боис,
ҳар бир ёш етуклик давридагина турмуш қуриш ҳақида
ўйласа, айни муддао бўларди. Йигитлар 22-24 ёшда, қизлар
эса 19-20 ёшда турмуш қуришлари мақсадга мувофиқдир.
Агар никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш
натижасида уларнинг биттасида ёки ҳар иккаласида мазкур
Низомда назарда тутилган:
1. Руҳий касалликлар
(шизофрения, эпилепсия, олигофрения);
2. Наркологик касалликлар;
3. Захм;
4. Сил;
5. ОИВ (ОИСТ)
касалликлари аниқланган тақдирда никоҳни қайд этиш
томонларнинг ушбу текшириш натижаларидан хабардорлиги
тасдиқлангандан кейин амалга оширилади. Текширилаётган
шахс яшаш жойидаги даволаш маслаҳат комиссиясининг
хулосасидан норози бўлган ҳолларда вилоят ва Республика
муассасаларида такрорий тиббий кўрикдан ўтказилади. ФҲДЁ
бўлимлари ходимлари никоҳни қайд этиш вақтида ўзларига
маълум шифокорлик сирини ошкор этганликлари учун жавоб
берадилар. Ўз ўрнида, кўрикни ўтказган врач қонун
ҳужжатларида белгиланган тартибда кўрик натижаларининг
холислиги учун масъулдир. Кўриниб турибдики, тиббий
кўрик - соғлом оилани вужудга келтириш учун асос бўлиб
хизмат қилади. Халқимизда: "Касални даволашдан кўра,
олдини олган маъқул" деган ажойиб ўгит бор. Бу ўгитни
дилга жо этган ҳар бир йигит, қизнинг келажаги порлоқ
бўлади.
Манзурахон Абдуллаева,
Термиз шаҳар, ФҲДЁ бўлими мудираси.
|