Hosted by uCoz


Qur`oni karim

ОИЛА—МУҚАДДАС ДАРГОҲ

Аждодларимизнинг оила қуришда, келин тушириш ва қиз чиқаришда ўз талаб ва тушунчалари бўлган. Бу нарса улуғ аллома Бурхониддин Марғиноний томонидан тасниф этилган "Ҳидоя" ("Ҳидоя фи фурул ал-фикр") асарида "Кафоат" деб аталади. Кафоат сўзининг луғавий маъноси тенгликдир. Қонун тилида эса "Кафоат" атамаси эр ва хотин ўртасидаги тенгликни билдиради. Кафоат ҳамон бизнинг қадриятларимизда кафолатланади. Яқинда бир заводда ишлайдиган чирчиқлик йигит А.Т. (маълум сабабларга кўра исмини тўлиқ келтирмадик) ўз жуфти ҳалоли билан ўн йил яшаб, икки нафар бир-биридан ширин ўғил фарзанд кўриб (болаларнинг бири мактабга боради, бири боғчада), хотини "пуф сассиқ" бўлиб қолганмиш. Хотинини тез-тез ота-онасиникига кетиб қолишини рўкач қилиб, никоҳдан ажратиш тўғрисида судга даъво ариза киритган. Ваҳоланки, хотини Д.Т. ўз ота-онасиникига фақат қайнонаси ва эрининг рухсати билан, "боринг, бориб келинг" деган зўрлови ва қистови билан борган ва айтган вақтида қайтган. Эндиликда кўзини шира босиб қолган йигит топармон-тутармон бўлиб қолиб, ҳовлиқиб оиласидан, ширин болаларидан кечмоқчи... Ажрашмоқчи... Бунга нима дейсиз?!. Ахир дунёда буюк дўстлик эр-хотинлик эмасми? Бу дўстликка хиёнат қилмоқ марднинг ишими?!. Ажралиш учун энг аввало жиддий бир сабаб бўлмоғи керак-ку. Абулқосим донишманд айтади: - Энг эзгу одам ўз хотини ва фарзандларига эзгулик қилган одамдир. Мард, олийжаноб одамлар хотинларини улуғлаб, уларнинг қадр-қимматларига етадилар. Юқоридаги мисолда келтирилган А.Т. ҳам ҳозир ёшлик қилиб хато қилаётган бўлса, эртага пушаймон бўлади. Икки боланинг кўз ёши уни ғарқ қилади. Ҳа, минг афсуски, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, оилага, ўзаро турмушга, никоҳга енгил-елпи қарайдиган, шарм-ҳаё пардасини йиртган, "бир қарашда бошқасига ошиқ бўлган", бойликка эришиш мақсадида муқаддас оиласидан ҳам воз кечишга тайёр турган енгилтак ёшлар учраб турибди. Ҳаётга бундай салбий қарашлар туфайли ёшлар орасида ажралиш ҳолатлари камаяётгани йўқ. Масалан, 2007 йилда Чирчиқ туманлараро судига доимий равишда спиртли ичимликлар истеъмол қилиши сабабли 86 та, "характерлари тўғри келмаган"лиги боис 167та, моддий қийинчиликлар сабаб қилиб кўрсатилган 465 та ва бошқа сабаблар билан 390та, озодликдан маҳрум этилганлиги учун 16 та даъво ариза келиб тушган ва улар қонун талабларига биноан кўриб чиқилган. Оилаларни бузилишдан сақлаб, асраб қолиш ниятида тарафларнинг келишувлари учун уч ойгача муҳлат белгиланган 10 та, 6 ой муҳлат берилган 643 та даъво аризалар қаноатлантирилди. Йил давомида 3 ойгача муҳлат берилган 20 та, 6 ой муҳлат берилган 22 та фуқаролик иши асоссиз бўлганлиги учун рад этилди. Томонлар ярашганлиги сабабли 90 та иш тугатилди, 2 та фуқаролик иши бошқа судга ўтказилди. Фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро суди томонидан 2007 йил давомида юқоридаги ҳолатларга асосланган ҳолда 1124 та фуқаролик ишлари кўриб чиқилди. Биз ишларни кўришда даъво аризаларини чуқур ўрганиб, ажралиш сабабларини синчиклаб таҳлил қилиб чиқамиз. Шундан сўнг оилани сақлаб қолиш мақсадида ишни иккинчи марта кўришга қолдириш ва эр-хотиннинг ярашишлари учун қонунда кўрсатилганидек, олти ойгача мухлат белгилаймиз. Агар шу даврда улар келишолмай, талаб қилиб турсалар ажратишга мажбур бўламиз. Бу бизга осон кечмайди. Айрим жуфтликлар ўртасида дунёга келган фарзандларнинг ота ёки она меҳридан жудо бўлаётганини ўйлаб эзилиб кетади киши. Ахир гўдакларда нима айб?! Ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган "Ёшлар йили" Давлат дастурида ёшларни ўйлаб-билиб турмуш остонасига қадам босишлари, уларнинг оилалари соф муҳаббат, бир-бирларига ҳурмат асосида қарор топишига ҳам моддий, ҳам маънавий ёрдам кўрсатиш, улардан етим болалар эмас, келажагимизга эгалик қиладиган соғлом, баркамол, билимдон авлодлар дунёга келишини таъминлаш лозимлиги уқтирилган. Шундай экан, ҳар бир ота-она ўғил ёки қизини турмушга тайёрлаш жараёнида никоҳ ва оиланинг масъулияти, эр-хотинликнинг ҳуқуқ, бурч ва вазифаларидан тўла хабардор қилишлари ҳамда соғлиқларига ғамхўрлик қилишлари лозим. Ана шунда никоҳдан ажралишлар ва ота-она меҳридан жудо болалар бўлмайди. Оила муқаддас даргоҳ бўлиб қолади.

Азизхон МУҲИТДИНОВ,Узбекистон Республикаси, Фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро суди раиси.

 

 
 
 
 Суз боши

 

Оила форуми

 

 Манзилимиз

 

 

 

 

 

www.muslimaat.uz
 

 

www.islom.uz
 

 

Fatvolar arhivi
 

 

www.halol.uz
 

 

FORUM
 

 

www.hilol.com
 

 

www.islam.uz
 

 

 

 

 
 
 
 
 
 
Hosted by uCoz